Хоразм вилояти ИИБ ва ДХХ ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир натижасида республика ҳудудида Тожикистон фуқароларининг жиноий фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар бермоқда.
Тожикистонлик 34 ёшли И.У. ва 36 ёшли К.Д. олдиндан жиноий тил бириктириб, К.Д. бошқарувидаги «Ваз-2110» русумли автомашина бензин баки ичига яширган ҳолда Тожикистондан Ўзбекистон ҳудудига чегара пости орқали контрабанда йўли билан олиб кирилган 6 дона полиэтилен пакетга қадоқланган опий гиёҳвандлик воситасини 2019 йил 5 июнь куни Самарқанд вилоятида 20 минг АҚШ долларига сотаётганида ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Хоразм вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми (жуда кўп миқдорда гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда сотиш) ва ЖКнинг 246-моддаси 2-қисми (контрабанда) билан жиноят иши қўзғатилган.
Дастлабки тергов жараёнида Тожикистон фуқароларига нисбатан юқоридаги моддалар билан айблов эълон қилинган ҳамда қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.
2019 йил 5 ноябрь куни Жиноят ишлари бўйича Урганч туман суди ҳукмига кўра К.Д. ва И.У. айбдор деб топилиб, уларга тегишли равишда 10 ва 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Изоҳ (0)