Икки дўстнинг ўзаро жанжали вақтида пичоқ билан етказилган жароҳат оқибатида улардан бири вафот этди, деб хабар беради Ўзбекистон ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.
13 ноябрь куни тахминан соат 02:00 да фуқаро 24 ёшли А.И. дўсти 19 ёшли Х.Г. билан Андижон вилояти Асака тумани «Хонақа» маҳалласи Қашқар кўчасида ўзаро жанжаллашиб, ёнидаги пичоқ билан Х.Г.нинг баданига бир маротаба уриб, унга тан жароҳати етказган.
Фуқаро Х.Г. олган тан жароҳати оқибатида тиббий ёрдам кўрсатилишига қарамасдан шифохонада вафот этган.
Тергов тезкор гуруҳи томонидан ҳодиса жойини кўздан кечириш жараёнида қон доғлари ва Х.Г.нинг кийимлари ҳамда бир дона пичоқ ҳужжатлаштириб олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Асака тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди (Одам ўлишига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, А.И. процессуал тартибда ушланган ҳамда ҳолат юзасидан гумон қилинувчи тариқасида сўроқ қилинган.
Ҳозирда ушбу жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)