Ўзбекистонда гектаридан 100 тонна, йилига икки марта ҳосил берадиган узум нави ҳамда ҳар бири бир килограмм ва ундан ортиқ тош босадиган олмалар етиштирилиши мумкин, деб ёзмоқда ЎзА.
Қайд этилишича, куни кеча Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашидан бир гуруҳ вакиллар Хитойнинг Шандун провинциясида бўлиб, экинлар етиштиришнинг энг илғор усуллари билан танишиб қайтди.
«Анжирзорда жуда қизиқарли маълумотларга эга бўлдик. Ҳар сотих ерда 50 дона кўчат экилиб, 500 килограмм ҳосил олинар экан. Бизни ҳайратга солгани, улар ҳар туп анжирдан узоғи билан саккиз ой фойдаланар экан. Ҳар бир кўчат январдан июнгача қайта-қайта гуллаб ҳосил бераверар экан. Сўнгра уни шохлари кесилади ва тупидан ўсиб чиққан янги шохлар 200 кундан кейин яна ҳосилга киради, — деган Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши қошидаги қишлоқ ва бизнес учун маслаҳат маркази директор ўринбосари Хуршид Болтаев.
Шунингдек, Ўзбекистонда ҳам, бу амалиётга татбиқ этилса, маҳаллий ва хорижий бозорни бемалол эгаллай олишини, даромад кўпайишини таъкидлаган. Ўзбекистондан борган бир гуруҳ қишлоқ хўжалиги ходимлари ана шу илғор тажрибаларни ўрганиш ва амалиётга жорий этишда ўз ҳиссасини қўшиш ниятида.Делегация вакиллари Хитойда қуёш нури билан иситиладиган иссиқхоналарни қуриш, уларни юритиш ва самарадорлигини ўрганиш билан бир қаторда кўчат етиштириш борасида ҳам янги тажрибалар ўрганган.
Изоҳ (0)