Жорий йилнинг 11—30 ноябрь кунлари Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидаги айрим фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаблари ва мактаб-интернатларининг фаолияти ўрганилади. Бу ҳақда Халқ таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Ўрганиш ишлари Халқ таълими вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Давлат тест маркази, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан биргаликда олиб борилади.
Ўрганишлар давомида ихтисослаштирилган мактаблардаги ўқув тарбия жараёнининг ташкил этилиши, таълим сифати, ўқитувчилар ва ўқувчиларнинг билими, ўқувчилар учун яратилган шароитлар, санитария қоидалари ва меъёрларига амал қилиниши каби йўналишлар кўриб чиқилади. ДТМ томонидан ихтисослаштирилган давлат умумтаълим муассасаларининг юқори синф ўқувчилари ҳамда ўқитувчилари учун ихтисослаштирилган фанлардан тест синовлари ўтказилади.
Натижалар бўйича ихтисослаштирилган таълим муассасалари фаолиятини, улардаги таълим сифатини келгусида янада такомиллаштиришга оид таклифлар ишлаб чиқилади.
Изоҳ (0)