Олмалиқ кон-металлургия комбинати акциядорлик жамияти ташкил этилганининг 70 йиллиги муносабати билан Олмалиқ шаҳридаги «Делфин» аква паркида комбинат томонидан тайёрланган ишлаб чиқариш жараёнини акс эттирувчи экспонатлар, моделлар ва макетлар кўргазмаси намойиш этилди, деб хабар беради ЎзА.
Кўргазма доирасида мазкур хиёбонда комбинатнинг 70 йиллиги учун махсус тайёрланган дошқозонда Ўзбекистон ошпазлар уюшмасининг моҳир ошпазлари томонидан 5 тонналик ош дамланди. Миллий таом — ош комбинат меҳнат аҳли, Олмалиқ шаҳри аҳолиси, тадбир меҳмонлари ҳамда болалар уйларига тарқатилди.
Ўзига хос ошпазлик шоуси комбинат спорт мажмуасида ўзбек эстрадаси юлдузлари иштирокидаги катта байрам концерти дастурига уланиб кетди.
Аввалроқ, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Олмалиқ кон-металлургия комбинати ташкил топганининг 70 йиллик санаси муносабати билан комбинат ишчиларига табрик йўллаган эди.
Маълумот ўрнида: Пойтахтда 8 тонналик қозонда дамланган ош Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган ва бу ош комбинатда тайёрланган қозонда пиширилган эди. Бундан ташқари, комбинат томонидан яна иккита бир тонналик ва битта беш тонналик қозон ҳам тайёрланган. Жорий йилда эса комбинат ишчилари 7 тонналик сумалак дошқозонини тайёрлаб, Наманганга жўнатганди.
Изоҳ (0)