Зимбабведа давлат ихтиёрида паспортлар учун гербли қоғоз қолмагани сабаб ҳужжатни топшириш 2021 йилга қолдирилди. Бу ҳақда Regnum хабар берди.

Фото: Kalahari Review

Зимбабведа паспорт олиш учун давлат идорасига мурожаат қилган фуқароларга ҳужжат топширишнинг энг яқин вақти 2021 йил экани тушунтирилмоқда, паспортни тезкорлик билан олишни истаётганларнинг сўровлари сони 280 мингтага етди. Мамлакат паспорт хизмати ходимлари бир суткада кўпи билан 80 та пасспорт чоп этиш имконияти борлигини билдирган.

Минглаб одамлар юридик ва банк операцияларида иштирок этиш учун ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатга эга эмас, уларда хорижга чиқиш имконияти ҳам йўқ. Гербли қоғоз муаммоси айниқса тадбиркорлик билан шуғулланаётганларга салбий таъсир кўрсатди. Бизнесини ривожлантириш учун хорижга чиқишни истаганлар ҳам номаълум вақт давомида сафарга бора олмайди.

Ҳукумат вакилларининг сўзларига кўра, мамлакат жиддий иқтисодий қийинчиликларни бошдан кечирмоқда ва валютани сарфлаш чегаралаб қўйилган. Гербли қоғоз Зимбабведа ишлаб чиқарилмайди ва хориждан сотиб олинади. Маҳсулот Зимбабведаги импорт қилинувчи асосий товарлар рўйхатига киритилмаган.

Аввал Зимбабведа электр энергия учун нархлар ҳам деярли уч баравар ошганди. Ҳукумат ушбу қарорни Зимбабве миллий энергия билан таъминловчи компания (ZETDC) ишлаб чиқаришни кенгайтириши ва кунлик электр энергияни тўлиғича етказиб бериши учун қабул қилганини билдирган.