Эрон Россия ва Хитой билан ҳамкорликда ҳарбий денгиз машғулотларини ўтказади. Бу ҳақда Эрон қуролли кучлари бош штаби бошлиғи ўринбосари, бригада генерали Қодир Низомийга асосланиб, Эроннинг ярим-расмий Tasnim агентлиги хабар бермоқда.

Бригада генерал Қодир Низомий.
Фото: Tasnim

Генералнинг сўзларига кўра, ўқув машғулотлари «яқин вақт ичида» Ҳинд океанининг шимолий қисмида ўтказилади. Bloomberg агентлиги Эрон томони ўқув машқлари Форс кўрфазида ўтказилмаслигига алоҳида урғу берганига эътибор қаратган. Бундан ташқари, ўқув машқлари ҳақидаги баёнот АҚШ расмийлари минтақага қўшимча қўшин ва қурол-яроғ жўнатиш ниятини эълон қилганидан бир кун ўтар-ўтмас берилгани ҳам қайд этиб ўтилган.

Айни вақтда дрон ва ракеталар иштирокидаги операцияларни тўхтатганини эълон қилган яманлик исёнчилар Ғарб дипломатларига Эрон Саудия Арабистонига қарши янги операцияга тайёргарлик кўраётгани, бунда учувчисиз парвоз қилувчи қурилмалардан фойдаланишини маълум қилган. Бу ҳақда ўз манбаларига асосланиб, The Wall Street Journal (WSJ) хабар бермоқда.

Ямандаги можародаги айнан Эрон томонидан қўллаб-қувватланаётган исёнчи хусийларнинг расмий вакиллари чет эл дипломатларига ҳеч қандай ахборот берилмаганини таъкидлаётган бўлса-да, WSJ маълумотларига кўра, норасмий суҳбатларда Ғарбни эҳтимолий ҳужумдан огоҳлантирмоқда. Ушбу маълумотлар аллақачон Вашингтон ва Ар-Риёдда етказилгани айтилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Саудия Арабистонининг энг йирик нефтни қайта ишлаш заводларига дронлар воситасида уюштирилган ҳужум минтақадаги вазиятнинг янгитдан кескинлашиб кетишига сабаб бўлди. Ушбу ҳужум учун жавобгарликни яманлик хусийлар ўз зиммасига олди. АҚШ ва Саудия Арабистони эса бунда Эронни айблаб чиқди.

Расмий Теҳрон ушбу ҳужумга алоқаси йўқлигини таъкидлаётганига қарамай, АҚШ Эронга нисбатан янги санкциялар жорий этди ва минтақага қўшимча қўшин ва ҳарбий техника юборилишини маъқуллади. Эрон АҚШнинг бу режаларини «қуруқ савлатга зўр бериш» деб атади, дея хабар бермоқда «Коммерсантъ».