Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Дарё»да эълон қилинган «Қашқадарёда асаб-руҳий касалликлар шифохонаси сирини фош қилишга уринган журналистга куч ишлатилгани айтилмоқда. Шифохона қандай сирни яширмоқда?» сарлавҳали мақола юзасидан ўрганиш ўтказди. Ўрганиш натижалари вазирлик ахборот хизмати томонидан «Дарё»га тақдим этилди.
«Ўрганиш жараёнида диспансер ишчи-ходимлари Ўзбекистон Республикасининг ‘Психиатрия ёрдами тўғрисида’ги қонуннинг 7, 11-моддалари ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ‘Психиатрия шифохоналари низоми’нинг 54-бандига асосан ҳаракат қилганликлари аниқланган.
Жумладан, мазкур қонуннинг 7-моддасига кўра, руҳий ҳолати бузилган шахсларнинг қатор ҳуқуқлари билан бирга, тиббий восита ва усулларни синаш, илмий тадқиқотлар ёки ўқув жараёни объекти тариқасида фойдаланилишга, фото, видео ёки кино суратга олинишга олдиндан розилик бериш ва исталган босқичда ундан воз кечиш ҳуқуқи қатъий белгилаб қўйилган.
Диспансерда тунги навбатчиликда турган ходимлар қонунчиликдаги ушбу меъёрларни эслатишига қарамасдан, журналист навбатчи ходимларга бўйсунмаганлиги, турли сўзлар билан шифокорларни ҳақорат қилганлиги юзасидан Қарши шаҳар ички ишлар бўлимига билдиришнома тақдим этган.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан ички ишлар органлари томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда. Вазият ойдинлашгач батафсил маълумот берилади», — дейилади вазирлик баёнотида.
Изоҳ (0)