Kuhn Schweitz дунёдаги энг йирик электр транспорт воситасини тақдим этди, дея хабар қилади «Motor.ru». Унинг оғирлиги 45 тоннани, юк кўтариш ҳажми эса 65 тоннани ташкил этади. Тўрт тонналик батарея билан жиҳозланган юк машинаси мустақил равишда ўзини зарядлаши мумкин.

Видеодан лавҳа

Батарея қуввати 600 киловатт соатни ташкил этади. Ундаги кучли қувват туфайли бир вақтнинг ўзида 6 та электр автомобили зарядланиши мумкин. Юк машинасининг узунлиги 9 метр, кенглиги ва баландлиги 4,2 метрга етади.

Одатда электр моторлар оғир техникада фойдаланиш учун етарлича чидамли эмас, деб ҳисобланади, шунинг учун кўпинча дизел афзал кўрилади. Бироқ бу юк машинаси аксинча эканини исботлади. 65 тонна юк ортилган самосвал 13 даража қияликдан тушганда регенератив тормоз тизими ишга тушади. Бунда кўп энергия ишлаб чиқарилади ва юк машинаси кейинги юкни кўтариш учун етарли заряд олади.

Кутилаётган электр юк машиналаридан яна бири бу Tesla компаниясининг  Semi моделидир. Синовлар давомида у аллақачон бир неча бор ўзини оқлаган. Бренд асосчиси Илон Маск уларнинг баъзилари ҳақида шахсан хабар берган, аммо ҳозиргача модел намойишининг аниқ санаси ҳақида маълумот берилмаган.