Гулистон шаҳридаги муҳташам, меъморий жиҳатдан ўзига хос маданият маскани — Сирдарё вилояти мусиқали драма театри биноси реконструкциядан сўнг фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда «Халқ сўзи» хабар беради.

Фото: «Халқ сўзи»

Эътироф этиш лозимки, у таъмирлаш ва жиҳозлашдан сўнг мамлакатдаги тенги йўқ санъат кошоналаридан бирига айланди.

Театрнинг катта зали 550 ўринли, иккита кичиги эса 80 томошабинга мўлжалланган бўлиб, уларда қўғирчоқ спектакллар ва бошқа турли тадбирларни ўтказиш мумкин.

«Ўриндиқлардан то совутиш-иситиш тизимигача — барча жиҳозларнинг замонавий ва қулай бўлишига алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга, саҳна элементларини яратиш ҳам театр санъатининг айни пайтдаги энг илғор ва сўнгги намуналари асосида бўлишига эришилди», — дейди театр директори Равшан Ражабов.

Тантанада Сирдарё вилояти ҳокими Ғофиржон Мирзаев сўзга чиқиб, Президент томонидан илгари сурилган «Миллий тикланишдан миллий юксалиш сари» ғоясини амалга оширишда театр санъати алоҳида аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.

Айниқса, унда Ўзбекистоннинг бой тарихи ва машҳур аждодлари ҳақидаги асарлар намойишини кўпайтириш ёшларнинг ватанга бўлган меҳр-муҳаббатини янада оширишга хизмат қилиши айтилди. Ушбу ўлмас санъат турининг ана шу ва бошқа кўплаб жиҳатларини эътироф этган ҳолда иштирокчиларга вилоятда ҳар ҳафтанинг якшанбаси «Театр куни» деб белгиланганини маълум қилди.

Янги қиёфадаги театр биносининг очилиш тадбирида вилоят, туман-шаҳар давлат идоралари ва жамоат ташкилотлари, нуронийлар, ёшлар, маҳалла аҳли вакиллари иштирок этди.

Тантана доирасида Чингиз Айтматов асари асосида сирдарёлик режиссёр Н.Ғойибназарова саҳналаштирган «Момо ер» спектакли намойиш этилди.