Бугун,

  • USD 11095.31
  • RUB 173.84
  • EUR 10772.44

Британиялик сиёсий технолог Тим Белл 77 ёшида вафот этди. У фаолиятини Маргарет Тэтчер учун ишлаш билан бошлаб, кейинчалик бутун жаҳон бўйлаб сиёсий ташвиқотларда қатнашди. У ўнг ғояларга садоқати ва ишда касбий қадриятларни маънавий-ахлоқий қарашлардан устун қўйиши (ва шунга қатъий ишониши) билан ажралиб турарди. Meduza нашри Тим Беллнинг замонавий жаҳон тарихидаги роли ҳақида ҳикоя қилади.

Тим Белл.

Тим Белл.
Фото: Meduza

Маргарет Тэтчернинг асосийчи пиарчиси бўлган

Тим Белл 1941 йили Лондонда, ирландиялик ва австралиялик муҳожирлар оиласида туғилган. У Консерваторлар партиясига садоқат одатий ҳол ҳисобланадиган ўртаҳоллар синфининг ўзига тўқ қатламига мансуб эди. Ёшлигида Белл сиёсий пиардан кўра тижорий реклама билан кўпроқ шуғулланган, бироқ у тарбия топган муҳит унинг ҳаётидаги энг асосий иш нима бўлишини олдиндан белгилаб қўйган эди.

1978 йили Маргарет Тэтчер бошчилигидаги Консерваторлар партияси ўз сайловолди кампаниясини ишлаб чиқиш учун Белл ишлайдиган агентликни ёллаган. Ўша вақтда ҳокимият тепасида лейбористлар ҳукмрон эди. «Лейбористлар ишламаяпти» номли плакатни айнан Беллнинг номи билан боғлашади — унда меҳнат биржаси олдидаги навбат кўрсатилган бўлиб, бу бир вақтнинг ўзида ҳам лейбористлар ҳукмронлиги даврида ишсизлик ўсиб бораётганига, ҳам партия бу муаммони ҳал қила олмаётганига ишора эди.

«Лейбористлар ишламаяпти» деб ёзилган билбордлар Буюк Британия кўчаларида 1978 йили пайдо бўлганди.

«Лейбористлар ишламаяпти» деб ёзилган билбордлар Буюк Британия кўчаларида 1978 йили пайдо бўлганди.
Фото: Getty Images

Беллнинг ўзи хотирлашича, дастлаб ушбу ғоя Тэтчер хонимга унчалик маъқул келмаган ва у Беллни ҳатто аҳмоқ деб атаган, аммо якунда ушбу плакат Британия сайловолди рекламалари тарихидаги энг муваффақиятли намуналардан бирига айланган ва Тэтчернинг сайловдаги ғалабаси ҳам қайсидир маънода шу плакат билан боғлиқ. Охир-оқибат Белл 1979 йилдан 1990 йилга қадар бош вазир лавозимида фаолият юритган Тэтчернинг яқин маслаҳатчилари қаторига киритилган. Қайд этиш жоиз, Буюк Британиядаги ишсизлик айнан Тэтчер даврида ўз чўққисига чиққан.

«Тэтчер хоним нима учундир мени оддий одамларнинг эҳтиёжларини тушунади деб ўйларди, жин урсин», — деб ўз вақтида хотирлаганди Белл. Тэтчер даврида у рицарлик унвонига лойиқ кўрилган, кейинроқ Британия перига айланган.

Ўлаётган Александр Литвиненконинг суратини эълон қилган

Заҳарланган Александр Литвиненконинг ҳаётлик даврида олинган сўнгги сурати. Лондон, 2006 йил 21 ноябрь.

Заҳарланган Александр Литвиненконинг ҳаётлик даврида олинган сўнгги сурати. Лондон, 2006 йил 21 ноябрь.
Фото: «ТАСС»

Тим Белл Россияга1990 йилларда, аниқроғи, 1996 йилги сайлов вақтида Борис Ельцинга маслаҳатчилик қилишни таклиф этишганида келган. Ўзининг ёдга олишича, унинг демократик мамлакатлардаги сайловлар тажрибасига асосланган ғоялари Россия президенти а’ёнларида катта иштиёқ уйғотмаган. Белл фуқароларга Ельцинга овоз бериш бўйича буйруқ беришни эмас, балки уларни овоз беришга кўндиришни таклиф қилган. «Руслар бахтсиз бўлиш учун туғилган», — деб айтган Ельцинни қўриқлаш хизмати бошлиғи Александр Коржаков, шу боис уларни кўндиришга ҳаракат қилиш, улардан бирор нарса сўраш — ёмон стратегия.

Шунга қарамай, Белл Россияда барибир бир-икки таниш орттирган. У орадан 10 йил ўтиб, бу вақтга келиб Буюк Британияга кўчиб ўтган бизнесмен Борис Березовскийга унинг Владимир Путинга қарши курашида тавсиялар берган. Ўша вақтларда жамоатчилик эътибори Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) собиқ ходими Александр Литвиненкога қаратилган эди — у Буюк Британиядан сиёсий бошпана олган ва Россия ҳукуматини 1999 йилги портлашларни уюштиришда айбларди. Литвиненкога Березовский фаол ёрдам берган.

2006 йилнинг охирида Литвиненко заҳарланди ва шу заҳоти бунинг ортида Россия махсус хизматлари турибди, деган тахмин ҳам пайдо бўлди. Айнан Беллнинг одамлари шифохонада ётган Литвиненконинг суратга олинишини уюштирган ва унинг ҳаётлик вақтидаги сўнгги суратини ОАВ орқали тарқатган (қизиғи, фотосуратчи бу суратни ҳақиқатан ҳам фақат Литвиненконинг қариндошлари учун олаётганига ишонган). Сурат тарқалганидан икки кун ўтиб Литвиненко ўлган. Кейин маълум бўлишича, у фавқулодда камёб радиоактив модда — полоний билан заҳарланган.

Буюк Британия ҳуқуқни-тартибот органлари Литвиненконинг ўлими ортида Россия махсус хизматлари турибди, деб ҳисоблайди. Ушбу воқеалар Россиянинг Буюк Британия билан муносабатлари бошқа Ғарб мамлакатлари билан камида икки йил аввал бузилишига сабаб бўлган. Беллнинг айтишича, у Березовский ва Литвиненкога шунчаки дўстона ёрдам кўрсатган, пул олмаган.

Лукашенко, Пиночет ва бошқа диктаторлар билан ҳамкорлик қилган

Беллнинг обрўси зиддиятли эди. Ҳамкасблари унинг истараси, хушмуомалалиги ва соф британча ҳазил ҳиссини жуда қадрларди. Айни вақтда унинг ўзи ҳам, у асос солган Bell Pottinger агентлиги ҳам унча-мунча ёқимсиз мижозлар билан ҳамкорлик қилишдан ҳеч тап тортиб ўтирмасди.

1998 йили Буюк Британияда Чили собиқ диктатори Аугусто Пиночет ҳибсга олинади. У 1974 йили ҳарбий тўнтариш орқали Чилида ҳокимиятни эгаллаган эди. Чили иқтисодиётининг инқироздан чиқиши кўпинча Пиночет номи билан боғланади, бироқ у, шунингдек, сўл кайфиятдаги мухолифатчилар, фаоллар ва журналистлар (хусусан, чет эллик мухбирлар)нинг оммавий та’қибларини ҳам уюштирган. Айнан ўз фуқароларини ўлдиргани учун Пиночетни Испанияда суд қилмоқчи бўлишган. Белл аксилкоммунистик лагер бўйича Тэтчернинг содиқ иттифоқчиси ҳисобланган Пиночетнинг Испанияга топширилишининг олдини олиш йўлида бошланган кампаниянинг бош ташкилотчисига айланган. «Қасос эмас, ярашиш!» шиори остида ўтган ташвиқот Пиночетнинг озод этилиши билан тугаган.

Белл Баҳрайн ва Мисрдаги диктаторлик тузумлари билан ишлаган, шунингдек, АҚШ Ироққа бостириб кириб, Саддам Ҳусайнни ағдаргач, Америка ҳарбий маъмуриятига ёрдам кўрсатган. Белл ҳақида ёзганларнинг бари у авторитар тузумлар ва етакчилар билан ҳамкорлик қилган ягона политтехнолог эмаслигига урғу беради. Бироқ, бир неча йил аввал The Guardian газетаси алоҳида қайд этиб ўтганидек, Беллни ўнг ғояларга садоқат ажратиб турган ва у фақат ўнг кайфиятдаги диктатуралар учун ишлаган. «Менга кимдир илҳом берган бўлса, у ҳам бўлса Айн Ренддир», — деганди унинг ўзи.

Лекин, очиғини айтиш керак, бу фикрларни шубҳа остига олиш унчалик қийин эмас. Беллнинг агентлиги мижозлари орасида, масалан, Сурия президентининг рафиқаси Асма Асад ҳам бор, Шарқий Европада эса у эркин бозор ва капиталистик иқтисодиёт тарафдори деб айтиш қийин бўлган Александр Лукашенкога ёрдам берган. Белл бу ишга қандай рози бўлганини изоҳлар экан, Лукашенко уни: «Беларусь демократик йўлдан кетмоқчи», деб ишонтирганини таъкидлайди.

Жанубий Африкадаги ирқий можаро сабаб, ўзи асос солган агентлик таназзулига гувоҳ бўлган

Ахлоқий-маънавий қарашлар Беллни ғоявий зиддиятлардан ҳам камроқ ўйлантирарди. У ахлоқни «пиарчиларнинг эмас, руҳонийларнинг иши» деб ҳисобларди. Бироқ айнан ахлоқий нопоклик борасидаги айбловлар у асос солган агентликнинг 2017 йилда инқирозга учрашига сабаб бўлди.

Бир йил аввал Bell Pottinger келиб чиқиши ҳинд ва ЖАР президенти Жейкоб Зумага ҳаддан ташқари яқин бўлган жанубий африкалик ишбилармонлар — ака-ука Гупталар учун ишлашга рози бўлган (қайд этиш жоиз, бир муддат аввал шу ака-укаларнинг Ўзбекистонга сармоя киритмоқчи экани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди). Буюртмачилар сиёсий технологлардан уларнинг номини коррупция айбловларидан соқит қилиб, рақибларини қора танли кўпчиликнинг пулларини тортиб олаётган оқ монополистлар қилиб кўрсатишни сўраган. Тегишли ғояларни тарқатиш учун пиарчилар интернет-технологиялардан фаол фойдаланган, хусусан, фейк аккаунтлар очиб, рақибларни қоралаш ва масхаралаш билан шуғулланган. Бу иш ЖАР ирқий уруш ёқасига келиб қолиши билан тугади, ҳамма бунда айнан Bell Pottinger’ни айблади.

Белл агентлик бошқарувидан айнан ўша йили, Гупталар билан ҳамкорлик бошланаётган вақтда кетган эди. У кейинчалик ушбу лойиҳага қарши бўлганини айтди. Ахлоқий нуқтаи назардан эмас, балки манфаатлар тўқнашуви сабаб: пиар-кампания бўйича қораланиши керак бўлганларнинг аксарияти аслида шу агентликнинг мижозлари бўлган. Bell Pottinger учун ҳаммаси аянчли тугади: уни пиарчиларнинг профессионал уюшмасидан четлатишди, компанияда ташқи бошқарув жорий этилди. Белл собиқ ҳамкасбларини оқлаб чиқишга мажбур бўлди, бироқ соҳа вакилларининг ишонч билан таъкидлашича, агар Тим Беллнинг номи ва обрўси бўлмаганида эди, Bell Pottinger икки дунёда ҳам ЖАРда буюртма ололмасди.

Изоҳ
Asosiy yangiliklar
Дунё
«Дарё» кундалигида 9 декабрда содир бўлган энг муҳим воқеалар
Дунё
Қозоғистон Россияга зирҳли техника жўнатиши ҳақида хабарлар тарқалди (видео)
Маданият
Шаҳзода Гарри ва Меган Маркл янги ҳужжатли фильмда Елизаветта II ни масхаралаб, қироллик оиласи аъзоларини ирқчиликда айблади (видео)