Кеча, 5 август куни Ҳиндистоннинг Тар чўлида жойлашган Жайсалмир полигонида Халқаро армия ўйинларининг «Қўшинлар разведкаси аълочилари» мусобақаси 1-босқичига қуръа ташланди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти «Дарё»га хабар берди.
Қуръа натижасига кўра, Ўзбекистон разведкачилари жамоаси мазкур босқични биринчи бўлиб бошлаб берадиган бўлди.
Шу куннинг ўзида «Қўшинлар разведкаси аълочилари» танловининг очилиш маросими ҳам бўлиб ўтди.
Унда Ҳиндистон мудофаа вазири ўринбосари генерал-лейтенант Д. Ахуджа ва Россия мудофаа вазири ўринбосари генерал-лейтенант Юнусбек Евкуров иштирок этди. Маросим давомида иштирокчиларга Ўзбекистон маданияти кўргазмаси ҳам намойиш этилди. Жайсалмирнинг «Халқлар дўстлиги» уйида ташкил этилган ушбу кўргазма мезбон юрт ва иштирокчи давлатлар ҳарбий хизматчиларида катта қизиқиш уйғотди.
«Бугун, 6 август куни разведкачиларимиз 1-шарт машқига кўра шартли душман томонга ўтишидан бошлангани сабабли барча вазифалар тунда бажарилади.
Биринчи бўлиб разведчиклар белгиланган талабларни бажариб, ҳарбий вертолётга чиқиш амалларини ўтказади. Вертолёт разведчикларни шартли душман томонга олиб ўтиб қўйганидан сўнг ундан сакраб тушиш амаллари ўтказилади.
Эслатиб ўтамиз, мазкур йўналишда бу йил Ҳиндистон, Россия, Хитой, Арманистон, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Беларусдан келган разведка жамоалари иштирок этмоқда», — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)