«Реал» ҳужумчиси Лука Йович Халқаро Чемпионлар Кубоги доирасида «Атлетико»га қарши кечган ўйинда жароҳаланди (3:7).
Учрашувнинг 24-дақиқасида сербиялик футболчи «матрасчилар» дарвозабони Ян Облак билан тўқнашиб кетди ва ўйинни давом эттира олмади. Унинг ўрнига франциялик ҳужумчи Карим Бензема захирадан майдонга тушди.
Goal’нинг хабар беришича, Йович чап оёғидан жароҳат олди. Жароҳатнинг қай даражадалиги тиббий кўрикдан кейин маълум бўлади.
Аввалроқ Мадрид клуби ҳимоячиси Ферлан Менди ҳамда ярим ҳимоячи Марко Асенсио ҳам жароҳат олгани ҳақида хабар берилганди.
Маълумот учун, «Қироллик клуби» 21 ёшли футболчини «Айнтрахт»дан сотиб олганди. «Реал» Йович билан 2025 йилнинг ёзига қадар шартнома имзолаган. ОАВга кўра, ҳужумчининг трансфери мадридликларга 60 миллион еврога тушган.
Эслатиб ўтамиз, Йович 2018/19 йилги мавсум Бундеслигада 32 та учрашув ўтказиб, 17 та гол урди ҳамда 5 та голли пас берди. Бундан ташқари, ҳужумчи Европа Лигасида 14 та ўйинда ўз ҳисобига 10 та гол ва 1 та голли узатма ёздириб қўйди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)