Тошкент шаҳар ҳокимлиги ўтган ҳафта журналистлар билан бўлиб ўтган учрашувда трамвай йўлларини демонтаж қилиш ва уларнинг ўрнини таъмирлаш ишлари юзасидан фикр билдириб, хусусан, бу масалада «Ўзавтойўл» компанияси томонидан айрим ишлар бажарилмаганини таъкидлаган эди.
Шаҳар маъмуриятининг ушбу баёноти юзасидан Автомобильлар йўллари қўмитасининг «Тошкент шаҳар минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати» корхонаси томонидан 6 июль куни муносабат билдирилди, дея хабар бермоқда «Kun.uz».
Унда, жумладан, Автомобиль йўллари қўмитаси Тошкент шаҳар ҳокимлиги раҳбариятини жавобгарликни бошқа ташкилотларга юкламасликка чақирган. Шунингдек, қўмита пойтахт ҳокимлигидан 3 йил олдинги юридик ҳужжатлар билан чуқурроқ танишиб, моҳиятни англаб, ундан кейин аниқ маълумотлар асосида баёнотлар беришни илтимос қилган.
Хабар беришларича, Тошкент шаҳар ҳокимлиги мазкур масалани ўрганган ҳолда тушунмовчилик юзага келганлигини маълум қилди ва бунинг учун Автомобиль йўллари қўмитаси «Тошкент шаҳар минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати» корхонасидан узр сўради.
Изоҳ (0)