Uzbekistan airways мутасаддилари Киев ва Симферополга парвозларнинг тикланиши эҳтимоли билан боғлиқ вазиятга изоҳ берди.
«Симферополга парвозларни ‘Евроназорат’ деб аталадиган халқаро ташкилот шундай аэропорт борлигини тан олганидан сўнг тиклашимиз мумкин. Бугунги кунда уларнинг рўйхатида бундай аэропорт йўқ, шу сабабли нафақат биз, балки бошқалар ҳам у ерга уча олмаймиз», — деди компания бош директори ўринбосари Алижон Алмамедов.
Тижорий департамент директори Шуҳрат Худойқуловга кўра, Киевга парвозларни чартер рейслари ҳисобига кўпайтириш мумкин.
«Ҳозирда бир сайёҳлик компанияси билан Киевга чартер рейсларини амалга ошириш бўйича шартномага эгамиз. Биз бу масалага сиёсий эмас, тижорий нуқтаи назардан қараймиз. Биринчи учта чартер рейси тўлмагани учун бекор қилинди. Бу йўналиш яна оммалашганидан сўнг Киевга мунтазам парвозлари ҳақида ўйлаш мумкин», — деди у.
Маълумот учун, олдинлари Миллий авиакомпания Симферополга ҳафтасига 5, Киевга эса икки маротаба парвозларни амалга оширарди.
Изоҳ (0)