Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги қонун Президент томонидан имзоланди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» канали маълум қилди.
Қонунга мувофиқ, қайта тикланувчи энергия манбалари атроф-муҳитда табиий ҳолда қайта тикланувчи қуёш, шамол энергияси, ер ҳарорати (геотермал), сув оқимларининг табиий ҳаракати, биомасса энергиясидир.
Энергетика вазирлиги қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади.
Соҳада қурилмаларни ишлаб чиқариш, шунингдек илмий-техникавий ҳамда инновацион жиҳатдан таъминлаш давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан Фанлар академияси билан ҳамкорликда амалга оширилади.
Қонунга мувофиқ:
Қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия ишлаб чиқарувчилар қурилмаларни (номинал қуввати 0,1 мегаватт ва ундан ортиқ бўлган) ўрнатганлик учун 10 йил муддатга мол-мулк солиғини тўлашдан ҳамда ушбу қурилмалар билан банд бўлган участкалар бўйича ер солиғини тўлашдан озод қилинади.
Энергия ишлаб чиқариш ускуналарини ишлаб чиқарувчилар давлат рўйхатидан ўтказилган санадан эътиборан 5 йил муддатга солиқнинг барча турларидан озод қилинади.
Амалдаги энергетика ресурслари тармоқларидан тўлиқ узиб қўйилган яшаш учун мўлжалланган жойларда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланувчи шахслар уч йил муддатга жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғидан, ер солиғидан озод этилади.
Изоҳ (0)