«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати вакиллари Буюк Британия ҳукумати ҳузуридаги Коммуникациялар бўйича давлат хизмати делегациясини қабул қилди.
Учрашув давомида Стратегик коммуникациялар йўналиши раҳбари Жейми Баллантайн Коммуникациялар бўйича давлат хизмати фаолияти, ташкилот томонидан муваффақиятли амалга оширилган лойиҳалар ҳақида маълумот берди. Хусусан, қатор давлатларнинг матбуот хизматлари фаолиятини ривожлантириш, идоралараро кампания ва давлат даражасида олиб бориладиган оммавий коммуникациялар ишлаб чиқиш бўйича тажрибалари билан ўртоқлашди.
Коммуникациялар бўйича давлат хизмати вакиллари бугунги кунда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни диққат билан кузатаётганликлари ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёргарлик кўриш мақсадида мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларни ўрнатишдан мамнунликларини билдирди.
Учрашув давомида томонлар Коммуникациялар бўйича давлат хизмати томонидан амалга оширилган Speaking to the media лойиҳасини Ўзбекистонда жорий этиш имкониятларини кўриб чиқишга келишиб олди.
Таъкидланишича, ушбу лойиҳа вазирлик ва идоралар матбуот хизматлари ҳамда мутахассисларининг ОАВ билан ишлаш самарадорлигини оширади ҳамда кенг жамоатчилик учун ахборотни тўғри етказиш бўйича кўникмаларни ривожлантиришга хизмат қилади.
Изоҳ (0)