Мудофаа вазирлиги спорт клубининг жаҳондаги нуфузли спорт мусобақаларида Ўзбекистон шаънини муносиб ҳимоя қилиб келаётган ҳарбий хизматчилари Тошкентдаги 30-сон Меҳрибонлик уйига ташриф буюрди. У ерда тарбияланувчилар ҳолидан хабар олиб, уларга турли ёшдаги ўқувчилар учун мўлжалланган китоблар жамланмаси ва спорт анжомларини эсдалик совға сифатида улашди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.
«Учрашувимиз болажонларда катта таассурот қолдирганидан мамнун бўлдик. Улар китоб мутолаасига қизиқишини, спорт билан мунтазам шуғулланишни мақсад қилганини эшитиб, икки ҳисса шодландик», – дейди Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган XXXI ёзги Олимпия ўйинлари ғолиби ва рекордчиси, лейтенант Руслан Нуриддинов.
Тарбияланувчиларнинг Ватан мадҳи, ота-она, дўстлик ва севги-садоқат ҳақида ўқиган шеърлари чемпионлар олқишига сазовор бўлган.
Ташриф якунида тарбияланувчилар ўзлари мухлислик қиладиган севимли спортчилари билан эсдалик учун суратга тушган.
Изоҳ (0)