Олий таълим муассасаларининг иқтидорли талабаларига бериладиган стипендиялар эндиликда яна биттага кўпайди. Бу ҳақда «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамиятининг матбуот хизмати маълум қилди, деб ёзади ЎзА.
Стипендия 2017—2021 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш бўйича қабул қилинган дастур ижросини таъминлаш, гидроэнергетика соҳасининг малакали мутахассисларга бўлган ҳақиқий талабини инобатга олиб, малакали кадрларни тайёрлаш жараёнини қўллаб-қувватлаш, хусусан иқтидорли талабаларни рағбатлантириш мақсадида жорий этилган.
Мазкур стипендияга биринчилардан бўлиб, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг беш нафар талабаси сазовор бўлди. Уларнинг 2 нафари магистратура, 3 нафари бакалавр йўналишида таҳсил олмоқда.
Стипендиялар миқдори энг кам иш ҳаққининг 6 баробарини ташкил этади. Мазкур стипендия талабанинг институтдан оладиган стипендиясидан ташқари, бир йил давомида бериб борилади.
«Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамиятининг номдор стипендиясини талабаларга бериш жараёнлари очиқ ва шаффоф тарзда ўтказилди. Стипендияга тақдим этилган номзодлар институт илмий кенгаши тавсияси ва жамиятда тузилган комиссиянинг белгиланган талаблари асосида аниқланди.
Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида ўтказилган тадбирда талабаларга жамиятнинг махсус гувоҳномаси ва пластик карточкалари топширилди.
Изоҳ (0)