Гавайида кучли пўртана содир бўлиб, хавфли шароитларни келтириб чиқарувчи жуда кучли шамол эсиб, қор ёғди, деб маълум қилди Forum Daily.
Гонолулу миллий метеорологик хизмати вакили Гэвин Шигесатонинг маълум қилишича, 10 февраль куни Ваймеа кўрфазининг Оаху шимолий қирғоқларида тўлқинлар баландлиги 18 метрга етган.
Кузатувлар натижасида оролнинг бошқа қисмида тўлқинлар баландлиги 13,7 метрга етгани аниқланган.
Пўртана оқибатида Мауи шимоли-ғарбий қисмида бўлган калифорниялик 66 ёшли киши ҳалок бўлган.
Метеорологик хизмат маълум қилишича, Катта оролнинг Мауна-Кеа тепалигида соатига 307 километр тезликда ҳаракатланган шамол кузатилган.
Шигесатонинг сўзларига кўра, Оахуда шамол тезлиги соатига 85 километрни ташкил этган.
Бунинг оқибатида дарахтлар қулаган, электр узатиш линиялари бузилган. Бутун штат бўйича деярли 27 мингта уй якшанба ва душанба кунлари электр энергиясиз қолган.
Мауида қор ёғган бўлиб, бу минтақа учун хос ҳодиса эмас.
Ҳукумат оролнинг шимолий қирғоқлари аҳолиси соҳил бўйи ҳудудларини сув босишига тайёр туриши кераклигини маълум қилган.
Изоҳ (0)