Ҳиндистонда полиция Мангри Мунда исмли аёл ва унинг тўрт нафар боласини ўлдирган кишиларни изламоқда. Жиноятчилар аёлни жодугарликда айблаган. Бу ҳақда «Газета.ru» хабар берди.
Таъкидланишича, Орисса штатида аллақачон олти киши қўлга олинган, бироқ полиция жиноятда кўпроқ киши иштирок этган деб ҳисобламоқда.
25 январь кечаси бир гуруҳ эркаклар аёлнинг уйига бостириб кирган ва аёл ҳамда унинг тўрт нафар боласига таёқ ва болта билан ҳужум қилган. Мунданинг болалари 1, 4, 7 ва 12 ёшда бўлган. Аёл ва фарзандлари аввалига калтакланган, сўнг болта билан чопилиб, қудуққа ташланган.
Штат полициясининг маълум қилишича, Ориссада 2017 йилда «жодугар ови» билан боғлиқ 99 та, ўтган йили эса 83 та ҳолат қайд этилган. Бундай ҳолатларда асосан бевалар нишонга олиниши, бундан мақсад эса уларнинг уйи ва ерига эга чиқиш экани айтилади.
Изоҳ (0)