Дин ишлари бўйича қўмита диний таълим олиш учун чет элга, хусусан, Миср, Туркия, Саудия Арабистони каби мамлакатларга боришга даъват этувчи реклама ва чақириқларга муносабат билдирди.

Унда қайд этилишича, ушбу эълонларда таълим масканлари гўёки “қонуний” ёки “расмий” сифатида кўрсатилса-да, амалда улар Ўзбекистон тегишли идоралари томонидан тан олинмаган ҳамда ўша мамлакатлардаги ноқонуний ёки рухсатсиз фаолият юритувчи ўқув марказлари ҳисобланади. Бу ўринда “расмий диний таълим” иборасидан асосан кўпроқ талабгорларни жалб этиш мақсадида фойдаланилмоқда.
“Хавотирли жиҳати шундаки, бундай чақириқлар, кўпинча, диний ақидапарастлик ва мутаассиблик ғояларини сингдириш, ёшларимизни нотўғри йўлга бошлаш ва уларнинг дунёқарашига салбий таъсир кўрсатиш хавфини ўзида мужассам этади. Шу сабабли, ота-оналар фарзандларининг кимлар билан мулоқот қилаётганига, интернетда қандай маълумотларни ўқиётганига ва қандай таклифларга жавоб бераётганига эътиборли бўлишлари шарт”, дейилади муносабатда.
Шундан келиб чиқиб, қўмита фуқароларга расмий диний таълим фақатгина Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимдаги таълим муассасаларида берилиши, турли шахсларнинг тарғиботига учмасликни эслатган ҳолда, диний билимларни ўрганишга бўлган эҳтиёжларини ушбу таълим муассасалари имкониятлари орқали қондиришни тавсия этди.
Ҳозирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфида 4 та олий ва 10 та ўрта махсус ислом таълим муассасалари фаолият кўрсатиб келмоқда. Шу билан бирга, 2018 йилдан буён ҳудудлардаги 28 та “Қуръон ва тажвид” курсларида 77 мингга яқин фуқаро таълим олди. Диний идоранинг “muslim.tv” интернет платформасида барча ёш тоифалари учун мўлжалланган онлайн Қуръони тажвиди дарслари ташкил этилган.
Дин ишлари бўйича қўмита хорижий диний таълим муассасалари дипломлари Ўзбекистон ҳудудида диний соҳада фаолият юритиш учун асос бўлмаслиги, таълимдан сўнг ишга жойлашишда ноқулайликлар келтириб чиқариши мумкинлигини эслатди.
Изоҳ (0)