АҚШнинг Мериленд университети тиббиёт мактаби тадқиқотчилари ис газидан заҳарланишга қарши янги антидот ишлаб чиқди. Асоси оқсилдан иборат мазкур препарат ҳақидаги тадқиқот натижалари Proceedings of the National Academy of Sciences журналида чоп этилди.

Ис гази ёқилғи ёнишида ҳосил бўлади ва айниқса ёпиқ ҳудудларда, масалан, хонадонлардаги газ жиҳозлари носоз ишлаганда, бензин генераторлари ёки гараждаги автомобиль моторлари ёнганда ҳаёт учун хавфли ҳисобланади. Углерод оксидидан заҳарланган беморлар одатда кислород терапияси билан даволанади ва муолажадан кейин ҳам беморларнинг 50 фоизи юрак ёки мия фаолиятидаги узоқ муддатли хасталикларга дуч келади.
RcoM-HBD-CCC номли янги препарат эса “губка” каби ишлайди: у қондаги ис газини тезда аниқлайди ва чиқариб юборади. Препаратнинг асоси Парабуркҳолдериа хеноворанс бактерияси ишлаб чиқарадиган RcoM оқсили бўлиб, у ҳаводаги жуда оз миқдордаги углерод оксидини ҳам аниқлай олади. Олимлар мазкур оқсилни шундай модификация қилишдики, натижада у фақат ис газини блоклайди, кислород ва бошқа керакли молекулаларга таъсир қилмайди.
Сичқонларда ўтказилган тажрибаларга кўра, ушбу препарат қондаги ис газини эритроцитлардан тезда ажратган ва сийдик орқали чиқариб юборган. Энг муҳими, у артериал босимга деярли таъсир қилмаган, бу эса босимни кескин ошириб юбориши мумкин бўлган бошқа заҳарланишга қарши антидотлардан фарқлидир.
Тадқиқот муаллифларидан бири Марк Гледвиннинг айтишича, бу келажакда шошилинч ёрдам бўлимида ёки воқеа жойида тезкор томир ичига юбориладиган дори сифатида қўлланиши мумкин.
Ис гази кислородга қараганда гемоглобин билан юзлаб марта мустаҳкамроқ боғланади ва натижада тананинг тўқималарига кислород етиб боришини тўхтатади. Янги препарат эса углерод оксиди молекулаларини “тутиб олиб”, гемоглобинни ундан озод қилади ва кислородни тўқималарга яна ташиш имконини беради.
Келажакда RcoM-HBD-CCC нафақат ис газ заҳарланишини даволашда, балки оғир камқонлик, қон йўқотиш ёки трансплантация олдидан органларни сақлаш жараёнида ҳам қўлланилиши мумкин.
Изоҳ (0)