Германия Исроилга янги сувости кемасини етказиб беришини маълум қилди. Қарор Берлиннинг яҳудий давлатига қурол экспортини қисман тўхтатиш эълонидан бир неча кун ўтиб қабул қилинмоқда. Бу ҳақда Middle East Моnitor хабар берди.

“Thyssenkrupp” немис компанияси раҳбарияти бу режа ҳақида 8 август куни бўлиб ўтган акциядорларнинг навбатдан ташқари йиғилишида маълум қилган. Бироқ экспорт лицензиясининг қачон берилгани номаълум.
Германия Иқтисодиёт вазирлиги бу масалада изоҳ беришдан бош тортмоқда. Вазирлик вакили Даниел Греве қурол экспортига рухсат ҳар бир ҳолат бўйича алоҳида, ташқи сиёсат ва хавфсизлик омиллари синчиклаб кўриб чиқилгач берилишини таъкидлаган.
Мазкур сувости кемасини харид қилиш шартномаси дастлаб 2012 йилда имзоланган эди. Федерал хавфсизлик кенгаши 2023 йил декабрида техникани етказиб беришга рухсат берган, бироқ ҳозирда Федерал иқтисодиёт ва экспорт назорати идорасининг қўшимча лицензияси кутилаётган эди. Энди компания раҳбарияти етказиб бериш жадвалга мувофиқ амалга ошишини ва рухсатнома олинганини билдирмоқда.
Ўтган ҳафта “ИНС Дракон” номли кема Болтиқ денгизидаги Рюген ороли яқинида синов тариқасида сузаётган эди. У эндиликда Исроилга етказиб берилаётган олтинчи “Дельфин” туридаги сувости кемаси бўлиб, қиймати қарийб 500 миллион евро (585,8 миллион доллар)ни ташкил этади. Германия бу харид учун 135 миллион евро миқдорида молиявий ҳисса қўшган.
Шу билан бирга, ушбу битим Исроилда “сувости кемаси иши” номи билан танилган суд тергови марказида турибди. Исроил бош вазири Бенямин Нетаньяху ҳам ушбу савдо бўйича полицияга гувоҳлик берган. Германиянинг “Norddeutscher Rundfunk” телеканалининг сўнгги суриштирувида Нетаньяхуга яқин шахслар ва “Thyssenkrupp” ўртасидаги манфаатлар тўқнашуви эҳтимоли ҳақида хабар берилган.
Изоҳ (0)