Американинг Amazon компанияси асосчиси Жефф Безоснинг рафиқаси Маккензи Безос ажрашгандан кейин 69 миллиард доллар олиши мумкин, деб ёзмоқда Sputnik Bloomberg’га таяниб.

Фото: Forbes

Шундай қилиб, Маккензи Безос дунёдаги энг бадавлат аёлга айланиши мумкин. Ҳозирда дунёдаги энг бадавлат аёллар рўйхати биринчи поғонасини L’Oreal компанияси асосчисининг невараси Бетанкур Майерс эгаллаб келмоқда. Унинг бойлиги 45,6 миллиард долларга баҳоланади.

Безослар ажрашиш ҳақида Twitter саҳифасида маълум қилди. Улар мол-мулкни қандай бўлишларини айтмаган. Лекин ҳуқуқшунослар фикрича, бойлик баб-баравар бўлинади.

Bloomberg Безоснинг бойлигини 137 миллиард долларга баҳолади. Forbes журналига кўра эса, Amazon компанияси раҳбари Жефф Безоснинг бойлиги 150 миллиард долларни ташкил қилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ дунёнинг энг бадавлат одами ажрашаётгани ҳақида хабар қилгандик.