Канададаги Dominion Diamond Mines ва Rio Tinto Group’га тегишли Диавик конидан 552 қиротли олмос топилди, деб хабар берди «Корреспондент.net».
Катталиги товуқ тухумидек келадиган қимматбаҳо тош Шимолий Америкада топилган энг катта олмос ҳисобланади ва Канадада топилган аввалги рекордчи тош ўлчамидан уч марта катта. Шунингдек, у 1988 йилда топилган ва сариқ олмослар гуруҳидаги энг йирик ҳисобланадиган De Beers бриллиантидан ҳам катта эканлиги айтилмоқда.
Бир-бирига қўшни Диавик ва Экати конларидан олий сифатли олмослар қазиб олинади, бироқ бундай катта ҳажмли олмослар шу вақтга қадар топилмаган эди. Dominion Diamond Mines компанияси бош директори Шейн Дергин топилган олмоснинг нархини аниқлаштириш имконини берадиган қўшимча маълумотларни очиқламаган.
«Биз тошнинг ранги фантастик даражада сариқ эканлигини айтишимиз мумкин, бироқ бундан ортиқ маълумотни айта олмаймиз. Сабаби — тош ҳали қайта ишлангани йўқ ва қазиб олиш жараёнида зарарланган», — дейди Дергин.
Изоҳ (0)