Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида маҳаллий давлат хизматлари марказига фуқаролардан ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойларга нисбатан эгалик ҳуқуқини тиклаб бериш сўралган кўплаб аризалар келиб тушмоқда. Бу ҳақда «Дарё»га туман ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Шу кунгача комиссия аъзолари бўлган тегишли ташкилотлар томонидан хулосалар йиғилиб, 70 нафар фуқаронинг турар жойларига эгалик ҳуқуқини белгилаш тўғрисида туман ҳокими қарори қабул қилинди. Улардан 60 нафарига кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилиб, бино ва ер участкалари давлат рўйхатидан ўтказилди.
Туман адлия бўлими ҳамда Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри корхонаси туман филиали томонидан уларга бу ҳақдаги тегишли гувоҳномалар тақдим қилинди.
— Еримизда 5 та иморат тиклаган бўлсак ҳам, уй ҳужжатлари бўлмагани учун 2013 йилдан бери қонунийлаштира олмай келаётгандик. Давлат раҳбари бизга ўхшаган ҳолатдаги фуқароларни ўйлаб қабул қилган фармони туфайли мулк ҳуқуқимиз тикланди. Туман ҳокимининг қарори ҳам чиқди, кадастр ҳужжатлари ҳам тайёрланди. Энди кўнглимиз хотиржам бўлиб, ичимизга ёруғлик киргандек бўлди, — дейди туманнинг «Ғовазон» маҳалласида истиқомат қилувчи Қудрат Каримов.
Изоҳ (0)