Уч ой аввал изсиз йўқолган хитойлик машҳур актриса ва қўшиқчи Фань Бинбин биринчи марта ижтимоий тармоқларда кўриниш берди, деб ёзади Tengrinews.
«Икс одамлар» ва «Темир одам» фильмлари юлдузи ҳукуматдан ўзининг ҳақиқий даромадини яширгани ва солиқ тўлашдан бош тортгани учун жаримага тортилган. У қарийб 130 миллион доллар тўлаши керак, акс ҳолда у жиноий жавобгарликка тортилади.
Жаримага тортилиш хавфи ҳақидаги янгиликлар Хитой расмий ОАВларида пайдо бўлгач, 37 ёшли актриса ижтимоий тармоқдаги саҳифасида очиқ баёнот эълон қилди.
«Мен барчадан чин дилдан узр сўрайман. Жамоатда кўзга кўринган шахс сифатида, мен қонунларга риоя қилиб, жамиятга намуна бўлишим керак. Ҳатто молиявий фойда кўзлаб ҳам ўзимни йўқотмаслигим ва қонунни бузмаслигим керак. Коммунистик партия, яхши давлат сиёсати ва одамларнинг севгисисиз Фань Бинбин мавжуд бўлмаган бўларди», — деб ёзди у.
Фань Бинбин — Хитойда энг кўп даромад олувчи актриса. 2018 йил июлидан буён у на ижтимоий тармоқларда, на омма олди кўриниш бермаётган, қўнғироқларга ҳам жавоб бермаётган эди. Унинг қаерда эканлиги ва умуман, тирик ёки ўлганлиги ҳам номаълум эди.
Унинг йўқолиб қолиши эҳтимолий сабабларидан бири сифатида унинг солиқ тўлашдан бош тортганлиги айтиб ўтилди. Бинбин Голливудда иккинчи даражали роллар ижро этгани учун ҳукумат унга эътибор қаратди. У божхона учун шартнома бўйича 1,5 миллион доллар ишлаб топган, аслида эса унинг даромади 8 миллион доллар бўлган.
Изоҳ (0)