Гонконгда тўртта ётоқхонали кичик уй рекорд нарх — 446 миллион долларга сотувга қўйилди, деб ёзади «РБК».
Дунёда сотилаётган уйлар орасида энг қиммати бўлган ушбу уй 15 сотихга яқин ер майдонида жойлашган, у ерда автотураргоҳ ва бассейн бор, аммо уни ҳашаматли деб атаб бўлмайди.
У Гонконгнинг энг талабгир туманларидан бирида — маҳаллий аҳоли шунчаки «баландлик» деб атайдиган Виктория баландлигида жойлашган. Уй 1991 йилда қурилган бўлиб, ичи ҳам 90 йиллар услубида безатилган.
Уйни савдога қўйган кўчмас мулк агентлиги аниқлик киритишича, нарх уйнинг ўзидан кўра, у жойлашган ерга тааллуқли. «Уй анча эски. Агар уни шунча нархга сотиб олишса, уни бузиб, ўрнида бошқа уй қуришса керак», — деди у.
Изоҳ (0)