Гулистонда халқ депутатлари Сирдарё вилояти, шаҳар ва туман Кенгашларининг бўшаб қолган ўринга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзоси сайлови бўйича қўшма мажлиси бўлиб ўтди, деб ёзади «Халқ сўзи».
Унда масъулияти чекланган жамият шаклидаги «Бек кластер» корхонаси раҳбари, 4-Намуна сайлов округидан халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши депутати Улуғбек Норхўжаевич Сотиболдиев 98,4 фоиз овоз билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси этиб сайланди.
Сотиболдиев 1976 йилда туғилган. Гулистон давлат университетининг иқтисодиёт факультетида иқтисодчи-менежер ихтисослиги бўйича таълим олган. Фаолиятини оддий ходимликдан бошлаб кейинчалик тадбиркорликни йўлга қўйган. Ҳозирги кунда у бир неча тадбиркорлик субъектлари ҳамда «Бек кластер» қўшма корхонасини бошқариб келмоқда. У раҳбарлик қилаётган тизимда 4 мингга яқин иш ўрни яратилган.
Сотиболдиев Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 27 йиллиги арафасида Президент фармонига кўра «Дўстлик» ордени билан мукофотланган эди.
Изоҳ (0)