Марҳамат туманида яшовчи фуқаро Ж.Шокиров муқаддам уч маротаба фирибгарлик жиноятини содир этганлиги учун суд томонидан берилган жазолардан ўзига тўғри хулоса чиқармади. У 2017 йилнинг сентябрь ойида Марҳамат туманида истиқомат қилувчи фуқаро Р.Қ.нинг уйига келиб, ўзини туман ИИБ жиноят қидирув бўлими ходими деб таништириб,Р.Қ.нинг фарзанди К.Қ. устидан фуқаро Ў.М. Марҳамат тумани ИИБ бошлиғи номига пулларини ундириб бериш ҳақида ариза билан мурожаат қилганлигини, шунга асосан фуқаро Ў.М.га етказилган зарарни ундириб бериш учун келганлигини маълум қилади, дея хабар беради Андижон вилояти ИИБ Матбуот хизмати.
Шокиров Р.Қ.нинг ишончига кириб,ундан 550 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни алдов йўли билан олиб, ўз шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборади. Унинг ушбу ноқонуний хатти-ҳаракати бўйича туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан жорий йилнинг 30 апрель куни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган.
Мазкур жиноят иши шу йилнинг 28 июнь куни жиноят ишлари бўйича Марҳамат тумани суди томонидан кўриб чиқилиб, Ж.Шокиров Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми «б» банди билан айбли деб топилиб, 5 йилу 4 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Изоҳ (0)