Давлат божхона қўмитаси контрабанда ва божхона қонунбузилишларига қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда ўтказилган навбатдаги тезкор тадбир давомида гиёҳванд ўсимликларнинг ноқонуний етиштирилаётганлиги фош қилинди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар бермоқда.
Олмалиқ шаҳрида фуқаро Э.Ф. раҳбарлигидаги маъсулияти чекланган жамият ҳудуди белгиланган тартибда ва холислар иштирокида кўздан кечирилганида бу ерда 90 туп «каннабис» (наша) гиёҳванд ўсимлиги етиштирилаётганлиги аниқланди.
Шунингдек, контрабанда ва божхона қонунбузилишларига қарши курашиш бўлими ва ходимлари Ўрта Чирчиқ туманида наркотик моддаларнинг яширин савдосига чек қўйди.
Тезкор тадбир давомида, шу туманда истиқомат қилувчи фуқаро Т.С. қоғоз бўлакчаларидан тайёрланган 40 дона ўрамларга 143,57 грамм оғирликдаги марихуана гиёҳвандлик воситасини сотаётган вақтида фош қилинди.
Шундан сўнг, ушбу шахснинг хонадони холислар иштирокида ва белгиланган тартибда кўздан кечирилганида, 3 туп «каннабис» гиёҳвандлик ўсимлиги ва 52,5 грамм марихуана гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланди.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)