Хитой пойтахтининг марказидаги Гугун (Тақиқланган шаҳар) музей мажмуасига 2012 йилнинг январидан 2018 йилнинг июнига қадар 100 миллиондан зиёд киши ташриф буюрган. Бу ҳақда музей маъмурияти берган маълумотларга таяниб, «РИА Новости» хабар бермоқда.
Гугун Хитойнинг асосий тарихий ёдгорликларидан бири ҳисобланади. Пекинга ташриф буюрувчи меҳмонларнинг барчаси музейга киришга интилади. 2017 йилнинг ўзида музейга рекорд даражада 16,7 миллион киши келган. Ташриф буюрувчиларнинг кўплиги сабабли музей маъмурияти 2015 йилнинг июнида чеклов жорий қилишга мажбур бўлган. Чекловга асосан, музейга бир кунда 80 минг киши ташриф буюриши мумкин. Аввал, музейга бир кунда 100 минг нафаргача меҳмонлар келар эди. Бу рақам таътил ва байрам кунларида 180 мингдан ортган.
Ёз мавсумида бир кишилик чипта 9 доллар, қиш мавсумида 6 долларга сотилади.
Гугун дунёдаги энг йирик сарой мажмуаси бўлиб, Пекиннинг асосий тарихий ёдгорлиги ҳисобланади. 2020 йили музей мажмуасига 600 йил тўлади.