Шеробод туманидаги Ғамбур маҳалласида яшовчи А.Сапиев (исм-шарифлар шартли) хусусий тадбиркорлик билан шуғулланарди. Бироқ у ҳалол йўл билан топаётган ризқига қаноат қилмади, ўзини уддабурон кўрсатиб, маҳалладошларини чув тушуришни одат қилди, дея хабар беради ЎзА.
Жорий йилда 49 ёшни қарши олган бу шахс дастлаб 2015 йил 16 январь куни маҳалладоши М.Маликбоевани авраб, «яшаб турган уйингизга ҳокимликдан қарор чиқартириб бераман», дея 4 миллион 800 минг сўм пулини қуртдек санаб олади. Ўша йили 14 апрель куни Г.Самадовага фермернинг экин майдонидан 30 сотих ерда уй-жой қуриш ва ёрдамчи хўжалик юритиш учун туман ҳокимлигидан қарор чиқартириб беришни ваъда қилиб, нақд 20 миллион сўм пули, бир бош отини олиб кетади.
2015 йил 20 май куни Р.Ёғлиевнинг 10 миллион сўмини чўнтакка уриб, уни фермернинг майдонидан ер ажраттириб, ҳокимлик қарорини чиқартириб беришга ишонтиради.
Қинғир йўл билан пул топишнинг хумори келиб юрган кеч кузда у яна бир маҳалладошини қармоққа илинтиради. С.Тиркашевга ҳам уй-жой қуриш мақсадида ер майдони ажратиш ва ҳокимлик қарорини чиқартириб бериш учун 20 миллион сўм пулини олиб, жуфтакни ростлайди.
Маҳалладошлар «уддабурон» А.Сапиевнинг ваъдалари қуруқ, пуч эканини тўрт йил деганда англаб етди ва сабру-бардоши тугаб, яқинда туман ички ишлар бўлимига мурожаат этади.
Сурхондарё вилоят ички ишлар бошқармаси матбуот хизматига кўра, фирибгарлик йўли билан бойишни мақсад қилган бу шахс эндиликда қонун олдида жавоб беради. Айни пайтда унга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.
Изоҳ (0)