Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари ишдан бўш вақтларида имконияти чекланган инсонлар ва ёлғиз кексалар уйларида ҳашар уюштириб, маҳаллалар ободлигига ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқда. Бу ҳақда ИИББ матбуот хизмати хабар берди.
Сергели тумани ИИО ФМБ шахсий таркиби ҳокимлик вакиллари ва ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда Қипчоқ кўчасида яшовчи 83 ёшли Роза Ўзбекова хонадонининг ҳовлисини тартибга келтирди. Бектемир тумани ҳуқуқ посбонлари эса Зокир Бўкаев уйи ҳовлисини ободонлаштириш билан бирга эскирган ва қаровсиз аҳволга келиб қолган деворини шлакоблокдан тиклаб берди.
Яккасарой тумани ИИО ФМБ ходимлари ва ҳудудий бўлимлари томонидан Конституция маҳалласида яшовчи фуқаролардан бирининг уйида ҳашар ўтказилди. Жисмонан имконияти чекланган хонадон эгаси кўпдан бери ҳовлисининг озода бўлишини истар, бироқ бу ишларни ўзи мустақил бажара олмас эди.
«Обод маҳалла» дастури доирасида электрўтказгич тармоқлари янгиларига алмаштирилмоқда, кўп қаватли уйларнинг кириш йўлаклари таъмирланмоқда, болалар майдончалари созланиб, ноқонуний қурилмалар бузиб ташланмоқда.
Бу жараёнда Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари ҳам фаол иштирок этишмоқда. Кўп қаватли уйлар атрофини кўкаламзорлаштиришда яқиндан ёрдам бериб келинмоқда. Хусусан, Яккасарой тумани ИИО ФМБ ходимлари Ракатбоши маҳалласидаги, Олмазор тумани ИИО ФМБ ва 1-сон ИИБ ходимлари Зиё маҳалласидаги ободонлаштириш ишларига ўз ҳиссаларини қўшди.
Бектемир туманида кўча ва йўлакларни тартибга келтириш мақсадида салмоқли ишлар бажарилди. Жумладан, ҳуқуқ тартибот органлари ташаббуси билан 300 метр узунликдаги велойўлак қуриб фойдаланишга топширилди.
Изоҳ (0)