3 июль, сешанба куни Президент Шавкат Мирзиёев «Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш тўғрисида» фармон имзолади, деб ёзмоқда Spot.
Фармонга асосан, Ўзбекистонда блокчейн, крипт-актив (рақамли актив) ва майнинг (крипт валюта платформаларининг ишлаши учун зарурий тузилмалар) технологиялари жорий қилинади. Фармонда айтилишича, блокчейн технологияси давлат органлари фаолиятига татбиқ қилинади.
Шунингдек, ҳужжатда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича қуйидаги вазифалар белгиланди:
- Крипт активлар, жумладан, майнинг, смарт-контакт, блокчейнни тадбиркорлик ва инвестицион фаолиятга татбиқ қилиш;
- блокчейн соҳаси мутахассисларини тайёрлаш;
- рақамли иқтисодиёт соҳасида ҳамкорлик қилиш учун халқаро ва хориж ташкилотлари билан алоқалар ўрнатиш;
- блокчейн технологияларини жорий қилишнинг қонуний асосларини ишлаб чиқиш;
- рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган янги технологияларни жорий қилишда давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигини йўлга қўйиш.
Шунингдек, крипт активлардан фойдаланиш, уларни сотиш-сотиб олиш жараёни қонунийлаштирилади. Крипт активлар ёрдамида амалга оширилган молиявий операциялар солиққа тортилмайди.
Лойиҳаларни бошқариш миллий агентлиги ва Молия вазирлигига блокчейнни ривожлантириш бўйича 2018—2020 йилларга мўлжалланган дастур ишлаб чиқиш топширилган.
2021 йил 1 январидан бошлаб блокчейн қуйидаги соҳаларга татбиқ қилинади:
- давлат органлари фаолияти, давлат буюртмалари, давлат хизматлари;
- давлат реестрлари, классификаторлари ва бошқа маълумотлар базалари;
- уставида давлат улуши назарда тутилган йирик тижорат ташкилотларини бошқариш тизимлари;
- тўловлар, тижорий молиялаштириш ҳамда кредит билан боғлиқ клиринг (нақдсиз ҳисоб-китоб) операциялари.
Лойиҳаларни бошқариш миллий агентлиги ва Молия вазирлигига 1 ой ичида крипт активларни жорий қилиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва 2019 йил 1 январга қадар «Рақамли иқтисодиёт ва блокчейн-технологиялар тўғрисида»ги қонун лойиҳасини тақдим қилиш топширилган.
Изоҳ (0)