Россия—Саудия Арабистони учрашувининг 22-дақиқасида жароҳат олган Алан Загоев ўрнига захирадан майдонга тушган Денис Черишев Жаҳон Чемпионати тарихига кирди.
Денис биринчи бўлимнинг 43-дақиқасида Роман Зобниннинг тўп узатишидан кейин саудияликлар дарвозасини ишғол этди. Шу тариқа Черишев мундиаллар тарихида илк ўйинда захирадан майдонга тушиб гол урган биринчи футболчига айланди. Ўйин охирида эса футболчи яна бир гол уришга эришди. Бундан ташқари ярим ҳимоячи учрашувнинг энг яхши ўйинчиси сифатида эътироф этилди.
Шунингдек, Москванинг ЦСКА ҳимоячиси Сергей Игнашевич Саудия Арабистонига қарши ўйинда Россиянинг асосий таркибида майдонга тушди.
Игнашевич майдонга тушган вақтида 38 ёшу 335 кунлик эди. Оқибатда эса Сергей Россия ҳамда СССР терма жамоалари тарихида Жаҳон Чемпионатларида ўйнаган энг ёши катта футболчи бўлди.
Изоҳ (0)