Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 5 июнь куни ҳудудларда бюджетга қўшимча тушумлар ва маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш орқали нархлар барқарорлигини таъминлаш, инфляциянинг олдини олишда маҳаллий ижро ҳокимияти органлари, солиқ ва молия идоралари раҳбарларининг шахсий масъулияти ва жавобгарлигини ошириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.
Мажлисда бош вазир ва унинг ўринбосарлари, вазирлик ва идоралар, компаниялар, хўжалик бирлашмалари, банклар раҳбарлари, видеоконференция орқали Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимлари иштирок этди.
Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 7 июнда қабул қилинган «Маҳаллий бюджетларни шакллантиришда жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг ваколатларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ҳудудларни комплекс ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш имконини бермоқда.
Жорий йилнинг ўтган беш ойида бюджетга прогнозга нисбатан 2,7 триллион сўм ёки 16 фоиз кўп тушум туширилгани шу борадаги ишлар натижасидир.
Йиғилишда бюджетга қўшимча тушумларни кўпайтириш ва инфляция даражаси барқарорлигини таъминлаш бўйича ишларнинг мавжуд ҳолати танқидий таҳлил қилиниб, бу борадаги энг муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Йиғилишда Тошкент шаҳри ва Наманган вилоятида бу борадаги ишлар мутлақо талабга жавоб бермаслиги қаттиқ танқид қилинди. Мисол учун, бозордаги савдо-сотиқлар орқали тушадиган маблағлар кўрсаткичи Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида 30 фоизга, Сергелида 7 фоизга, Яккасаройда 4 фоизга, Юнусободда 3 фоизга камайиб кетган.
Мажлисда тегишли раҳбар ва мутасаддиларга 2018–2021 йилларда чорвачилик, паррандачилик ва балиқчиликни ривожлантириш, ушбу тармоқда рационал озуқа базасини шакллантириш дастурларини ишлаб чиқиш, ҳар бир ҳудуд бўйича асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабни аниқлаб, тегишли ташкилий ишларни амалга ошириш, бозорларда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш бўйича таъсирчан чоралар кўриш бўйича топшириқлар берилди.
Муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларнинг ахбороти тингланди.
Изоҳ (0)