Ирода Қўчқорова Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари — вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимига тайинланди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.
У 1967 йилда Наманган вилоятининг Поп туманида туғилган. Наманган давлат педагогика институтини (ҳозирги Наманган давлат университети) тамомлаган. Иш фаолиятини Поп туманидаги 23-умумтаълим мактабида ўқитувчиликдан бошлаган.
Кейинчалик вилоят ва Мингбулоқ туман ёшлар қўмитаси, Халқ демократик партияси туман кенгаши, туман ҳокимлигида турли вазифаларда меҳнат қилган.
У 2007 йилдан бери Мингбулоқ тумани ҳокимининг ўринбосари — туман хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келаётган эди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинлангани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)