Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Вашингтон шаҳридаги Жаҳон банки штаб-квартирасида бўлди. Давлат раҳбарини Жаҳон банки президенти Жим Ёнг Ким кутиб олди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистон ва мазкур банк ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик энергетика, ирригация ва коммунал тармоқларни модернизация қилиш, транспорт ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳаларини қамраб олган. 2020 йилгача ҳамкорлик қўшма дастурига умумий қиймати 4 миллиард доллар бўлган 27 та муҳим лойиҳа киритилган.
Учрашув чоғида боғдорчиликни ривожлантириш, шошилинч тиббий ёрдам тизимини такомиллаштириш, саноат корхоналарининг энергия тежамкорлигини ошириш, иситиш тармоқларини модернизациялаш, молиявий консултатив хизмат кўрсатиш каби соҳаларга оид битимлар имзоланди.
Музокарада янги истиқболли лойиҳалар муҳокама қилинди, ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича таклифлар билдирилди.
Шу билан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатларига расмий ташрифи якунига етди.
Изоҳ (0)