2002—2017 йилларда АҚШ терроризм билан глобал курашишга 2,8 триллион доллар сарфлади. Бу ҳақда Генри Стимсон номидаги марказ (Вашингтон) ҳисоботига таяниб, «ТАСС» хабар берди.
Марказ мутахассислари ўз тадқиқоти орқали давлат ташкилотларининг терроризмга қарши курашиш мақсадида сарфлаган маблағларини ҳисоблаб чиқди. Жумладан, Пентагон, Ички хавфсизлик вазирлиги ва давлат департаменти харажатлари ўрганилди. Афғонистон, Ироқ, Сурияда олиб борилган операциялар, шунингдек, АҚШ ҳудудига террорчиларнинг кириб келишини олдини олиш, мамлакат ичидаги экстремистлар ва уларнинг ҳамтовоқларини аниқлаш, хорижий давлатларга ёрдам бериш сингари масалаларни ҳал қилишга сарфланган маблағлар ҳисобга олинди.2001 йил 11 сентябрь куни Нью-Йорк ва Вашингтон шаҳарларида «Ал-Қоида» гуруҳи жангарилари томонидан қўлга олинган авиалайнерларда содир этилган террорчилик оқибатида 3,5 минг киши ҳалок бўлган. Шу йилдан эътиборан, АҚШ терроризмга қарши курашиш учун ҳар йили ўртача 186,6 миллиард доллар сарфлаб келади. Энг катта миқдордаги харажатлар (260 миллиард доллар) 2008 йилга тўғри келади. 2017 йили 175 миллиард доллар сарфланган.
Терроризмни олдини олиш учун ўтган 15 йил ичида қилинган харажатларнинг 60 фоизи Пентагон, 35 фоизи Марказий разведка бюроси, 5 фоизи Давлат департаменти ҳиссасига тўғри келади. Яъни, 15 йил ичида Пентагон — 1,7 триллион, Марказий разведка бюроси — 979 миллиард, Давлат департаменти 138 миллиард доллар сарфлаган.
Мутахассисларнинг айтишича, 2001 йил 11 сентябрдан кейин экстремистлар АҚШда 100 кишини ўлдирган, яъни ҳар йили 6 киши террорчилик қурбони бўлган. Таққослаш учун таҳлилчилар 2016 йили опиоиднинг ҳаддан ташқари катта дозалари 20 минг кишининг ўлимига сабаб бўлгани тўғрисидаги маълумотни келтиради.
«Мазкур ҳисобот терроризмга қарши курашиш учун қанча маблағ сарфланаётганини кўриш, харажатларнинг кам ёки кўплигига баҳо бериш учун тайёрланди», — дейди тадқиқот муаллифлари.
Изоҳ (0)