15 май куни Россия президенти Владимир Путин Қрим кўпригининг автомобиль қисми очилишида қатнашди. Давлат раҳбари кўприкдан «КамАЗ»да қурилишда иштирок этган техника колоннасига бош бўлиб юриб ўтди, деб ёзади Forum Daily. Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари Путиннинг юк машинасини камар тақмасдан ҳайдаганига эътибор қаратди ва бунинг учун уни жаримага тортишни таклиф қилди. Унинг ёнида ўтирган қурилиш раҳбари ва ишчилардан бири ҳам хавфсизлик камаридан фойдаланмаган.
Липецк вилоят кенгаши депутати Олег Хомутинников Россия бош прокурори Юрий Чайкага хат юбориб, Путин йўл ҳаракати хавфсизлигини бузган-бузмаганлиги масаласига ойдинлик киритишни сўради. Шунингдек, президентда юк автомобилини бошқариш имконини берувчи «C» тоифасидаги ҳайдовчилик гувоҳномаси бор-йўқлигини ҳам текшириб кўришни таклиф қилди.
Бунга жавобан, Федерал қўриқлов хизмати очилиш маросими чоғида кўприк ҳали жамоатчилик фойдаланадиган йўл мақомини олмагани туфайли, Путин қонунни бузмаганини маълум қилди.
Аввалроқ Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Владимир Путиннинг ҳайдовчилик гувоҳномасида юк машиналарини ҳайдашга рухсат берувчи категория мавжудлигини айтган эди.
Изоҳ (0)