Сирдарё вилоятидаги учрашувда Президент жамиятга жуда катта зарар берадиган иллат — кўзбўямачилик ҳақида куйиниб гапирди. Инновацион ривожланиш вазирининг ўринбосари Шерзод Шерматов Facebook’даги саҳифасида мавзу билан боғлиқ хотиралари билан бўлишди.
«Бундан 15 йил аввал Швейцарияга Бутунжаҳон ахборот жамияти саммитида иштирок этиш учун ҳукумат делегацияси таркибида борганимизда биз учун қизиқ бир ҳолатга гувоҳ бўлгандик.
Саммитда иштирок этиш учун дунёнинг деярли барча давлатларининг биринчи раҳбарлари ёки ҳукумат раҳбарлари ташрифига қарамасдан, тадбирлар ўтадиган жой яқинидаги эски шаҳар кўчасида тротуарни тузатаётган ишчилар бемалол ўз ишини шошмасдан бажараётган эди.
Шаҳарга шунча нуфузли меҳмонлар келганига қарамасдан, ҳеч ким ишчиларни шошириш ёки тузатилаётган жой атрофини хўжакўрсинга баннер билан тўсиб қўйиш ҳаракатида эмас эди. Чунки меҳмонлар келади – кетади, лекин ўша тузатиладиган йўл шошилмасдан сифатли таъмирланса, ортиқча ҳаражат бўлмайди ва узоқ йиллар давомида халққа яхши хизмат қилади. Бунинг натижасида бюджет маблағлари ҳам самарали сарф этилади».
Вазир ўринбосари ушбу хотираларидан қуйидагича хулоса қилади:
«Хўжакўрсинга шошма-шошарлик қилиш натижасида эса қурилиш–ободонлаштириш ишларига биринчидан ортиқча ҳаражат кетади, иккинчидан улар сифатсиз бажарилиб, узоқ муддатга хизмат қилмайди. Натижада яна қўшимча ҳаражат бўлади ва бу одамларнинг норозилигига олиб келади.
Бюджетдаги маблағларимиз Швейцария даражасидан анча паст бўлса, нега уларни самарали ишлатишга ҳаракат қилмаймиз? Шунинг учун ҳам барча соҳаларда кўзбўямачилик иллатидан воз кечишга ҳақиқий ҳаракат бўлиши шарт, шундагина ҳаётимизга ижобий ўзгаришлар тезроқ кириб келади».
Шерзод Шерматовнинг қайд этишича, Швейцария дунёда нафақат жон бошига даромад бўйича, балки инновация рейтингида ҳам етакчи давлат ҳисобланади.
Изоҳ (0)