Аввал хабар берганимиздек, Тошкент шаҳридаги Талабалар шаҳарчасининг «Ёшлар маркази» биносида Қуръони карим мусобақасининг республика босқичи бошланди. Унда қуйи босқичларда ғолиб деб топилган 139 нафар (89 нафар йигит ва 50 нафар хотин-қиз) иштирокчи қатнашмоқда, дея маълум қилди ЎзА.
Қайд этиш жоизки, мусобақанинг дастлабки йилидаёқ иштирокчилар сони 5,5 мингдан ошиб кетди.
Мусобақа йигитлар ва хотин-қизлар ўртасида икки ёш тоифасида (18-25 ёш ҳамда 26-40 ёш) ўтказилмоқда. Улар ҳифз (Қуръони каримни тўлиқ ёд олган мураттаб қори ва қориялар) ва тиловат (Қуръони каримни чиройли ўқийдиган, муважжад қори ва қориялар) йўналишларида беллашмоқда.
Мусобақа сўнгида жами 36 нафар ғолиб аниқланади. Ҳифз йўналишида 1-ўрин соҳиблари ота-онаси билан, тиловат йўналишида эса 1-ўринга сазовор бўлганлар ҳамроҳи билан Умра сафарига бориш имконига эга бўлади.
Мусобақанинг ҳифз йўналишида энг юқори балл тўплаган 1-ўрин эгасига Ўзбекистон Президенти совғаси — автомобиль тақдим этилади.
Шунингдек, иштирокчилар орасидан «Энг хушовоз Қуръон қориси», «Энг ёш Қуръон қориси» ва «Матонатли қори» номинациялари ғолиблари ҳам аниқланади.
Изоҳ (0)