Rothschild & Cо молиявий гуруҳи Ўзбекистонда иш бошлаш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Nasdaq биржасининг сайтига асосланиб, Spot хабар берди.
«Ўзбекистон — улкан салоҳиятга эга давлат ва янги маъмурият мамлакатни модернизация қилиш тарафдорига ўхшайди», — дейди компания раҳбарларидан бири Жованни Салветти. Ҳозирда Rothschild & Cо Қозоғистон Миллий банкига маслаҳат бериш, шунингдек, мамлакатда консултатив ишларни амалга ошириш билан шуғулланмоқда.
Салветтининг маълум қилишича, Rothschild & Cо айни пайтда Ўзбекистонда ўз фаолиятини кенгайтириш ниятида, чунки мамлакатда иқтисодиётни очиш борасида ислоҳотлар бошлаб юборилган.
«Қозоғистондаги иш моделимизни Ўзбекистонда ҳам қўллаш мумкин — биз ҳукуматга хусусийлаштириш тўғрисида маслаҳат берамиз, банк секторини ислоҳ қилишда ёрдам кўрсатамиз», — дея таъкидлайди компания раҳбари.
Rothschild & Cо — Ротшильдлар оиласининг француз ва инглиз шўъбалари томонидан бошқариладиган молиявий холдинг компания. Rothschild & Cо Ротшильдлар банк гуруҳининг етакчиси ҳисобланиб, компания Rothscild Group, жумладан, N. M. Rothschild & Sons ҳамда Rothschild & Cie Banque’ни назорат қилади. Компаниянинг 2015 йилдаги айланма маблағлари 1,4 миллиард долларни ташкил этган, соф фойда эса 160 миллиондан кўпроқдир.
Изоҳ (0)