«Маҳалла» хайрия жамоат фонди Мирзачўл туман бўлими раиси Қувондиқ Абдуқодиров тўйларни ихчам ва камчиқим қилиб ўтказишни ўз оиласидан бошлаб берди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Туман марказидаги Мустақиллик маҳалласида 130 нафар меҳмон иштирокида ўтган тўй минг кишилик тўйларга қараганда кўпроқ «дув-дув» гап бўлди:
«Жуда яхши иш қилди. Асл тўй шундай бўлади». «Ўзи бу ишда ҳам раҳбарлар, масъул ходимлар шахсий ибрат кўрсатиши керак. Ана энди Қувондиқ аканинг тўйни ихчам, камчиқим ўтказиш ҳақидаги талабига ҳеч ким эътироз билдира олмайди». «Ота-онасининг гапини икки қилмаган фарзандларга ҳам раҳмат. Келин-куёвнинг дўстлари ҳам тўйни дискотекага айлантириб юбормади. Бинойидай тартибли ўтди».
Кўпчилик шундай фикр билдирди. Аммо «дув-дув» гаплар орасида «Биринчи келини экан, каттароқ қилса ҳам бўларди. Амалдорлиги учун қўрққан бўлса керак-да» — дегувчилар ҳам топилди, албатта.
Бу гаплардан қатъий назар, Қувондиқ ака ва у кишининг турмуш ўртоғи, туман поликлиникаси ҳамшираси Раънохон опа, қудалар – Сирдарё вилояти Оқолтин туманидан Пардабой ака Тўрабоев тўйнинг чиройли, мазмунли ўтганидан мамнун. Албатта, бу мамнунлик фарзандларининг бахти, келин-куёв – туман давлат санитария-эпидемиология назорати маркази мутахассиси Абдимурод, Халқ банкининг Оқолтин тумани филиали ходими Дилдора ота-оталарининг фикрига қўшилиб, тўйни ихчам ўтказишни маъқуллагани туфайлидир.
– Дабдабали тўйлар ёшларнинг бахтли ҳаётини кафолатламайди, – дейди Раънохон Абдуқодирова. – Тўйдан сўнг ёшларга уй-жой зарур. Шунинг учун фарзандларимизга намунали уйлардан алоҳида турар жой олишида кўмаклашишни ният қилганмиз.
Изоҳ (0)