Наманган вилоятининг Поп туманидаги «Пиллакаш» маҳалласида Лангар ота қабристонида қадим тарихга эга иккита мақбара мавжуд. Ҳозирда унинг илмий, маънавий ва археологик қиймати тўлиқ аниқланмаган, дея
хабар беради ЎзА.
Ривоятларга кўра, ака-ука Хўжа Абдуллоҳ Ансорий ва Хўжа Ибодуллоҳ Аламдорий Арабистондан келиб, 7-аср охири ва 8-аср бошларида ислом динини минтақага тарғиб қилиш билан шуғулланган. Ака-ука авлиёлар қабри 714 йилга оид. Асрлар давомида зиёратгоҳ сифатида шаклланилиб, иккита алоҳида мақбара ҳолатига келтирилган. Хўжа Абдуллоҳ Ансорий ўз даврида шайхулислом мақомини олган. Бу ер маҳаллий аҳоли тилида Лангар ота зиёратгоҳи деб юритилади.
1937 йилда динга қарши кураш авжга чиққан пайтларда мақбара бузиб ташланади. 1967 йилда аҳоли томонидан қайта тикланади. Айни пайтда мақбара таъмирга муҳтож ҳолатда. Бу эса туман мутасаддилари ва сектор раҳбарлари эътиборидан четда қолаётганини англатади.
Маҳалла фахрийларидан Ботиржон Нурматовнинг айтишича, унга ота-боболаридан ўтиб келаётган Лангар ота зиёратгоҳидан топилган қадим қўлёзмалар сақланиб келаётган экан.
«Бир неча бор бу қўлёзмаларни олиб кетмоқчи бўлишди. Лекин уларга ишонқирамаганим боис бермадим. Бу қўлёзмалар қадим тилсимни очувчи ноёб манба бўлиши мумкин», дейди Ботир ака.
Маҳаллаларда ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ҳамда аниқланган муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиш бўйича ташкил этилган Республика ишчи гуруҳи «Пиллакаш» маҳалласида бўлганида Лангар ота мақбарасини ҳам бориб кўрди. Мазкур ёдгорликнинг аҳамияти ва тарихий қийматини баҳолаш учун Фанлар Академиясининг тегишли институтларига мурожаат қилиш ва «Йўл харитаси»га киритиш вазифаси туман мутасаддиларига тавсия этилди.
Изоҳ (0)