Аҳолига газ ишлаб чиқарилган нархидан арзон сотилиши ҳисобига кўрилган зарар давлат бюджетидан қоплаб келинади. 2025 йил учун ушбу мақсадга 7 трлн сўм ажратилиши белгиланган. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабарига кўра, январь июнь ойларида мазкур маблағ тўлиқ тўлаб бўлинди.

2025 йил I ярмида Ўзбекистоннинг умумий давлат бюджети даромадлари 209,1 трлн сўмни, харажатлари 241,7 трлн сўмни ташкил этди.

Чиқимларнинг 62 трлн сўми давлат ходимлари иш ҳақларига йўналтирилган. Таълимга 42,5 трлн сўм, соғлиқни сақлашга 19,4 трлн сўм, Пенсия жамғармасига 10,3 трлн сўм ажратилган.

Ярим йилда бюджетдан субсидияларга 15 трлн сўм, ижтимоий нафақаларга 11,4 трлн сўм тўланган.
Давлат қарзи фоиз тўловларига 8,66 трлн сўм ажратилган. Таққослаш учун, мазкур тўлов миқдори ўтган йил мос даврида 7 трлн сўм бўлган.

Соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларига олти ойлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар 5,1 трлн сўм бўлган. Солиштириш учун, 2024 йил мос даврида бу миқдор 9,3 трлн сўм эди. Соҳадаги Моддий рағбатлантириш ва ривожлантириш жамғармасига харажатлар 450,8 млрд сўмни ташкил этган (ўтган йил мос даврида 731,5 млрд сўм).
“Жорий йилдан бошлаб олтита ҳудуддаги соғлиқни сақлаш муассасалари Тиббий суғурта жамғармасидан молиялаштиришга ўтилгани сабабли уларнинг барча харажатлари бошқа харажатлар таркибида кўрсатилган”, дея камайган чиқимларга изоҳ берган вазирлик.

Олти ой ичида иссиқлик таъминот корхоналари учун 1,6 трлн сўм, жамоат транспортига 1,1 трлн сўм, хусусий боғчаларга 1,8 трлн сўм субсидия ажратилган.
Доимгидек, субсидияларнинг энг катта қисми энергетикага берилмоқда. Январь июнь ойларида мазкур соҳага жами 8,9 трлн сўм субсидия йўналтирилган. Шундан қарийб 7 трлн сўми газ олди-сотдисидан кўрилган зарарни қоплашга тўланган. Бюджет қонунчилигида газга бутун 2025 йил учун 7 трлн сўм ажратилиши белгиланган. Бироқ эълон қилинган статистика рақамлардан олти ойда мазкур миқдор тўлиқ тўлаб юборилганини кўриш мумкин.
2024 йил 18 декабрь куни бўлиб ўтган Сенат ялпи мажлисида бош вазир ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров газга субсидия бериш қачон тўхтатилишини айтганди.
“Субсидиялаш 2025-2026 йилларда ҳам давом этади, 2027 йил кескин пасаяди, 2028 йилдан бошлаб субсидиялар бюджетдан берилмайди”, деган ҳукумат вакили.
Бироқ бу гап амалга тасдиқланмади. Сўнги маълумотларга кўра, 2026 йилда газга давлат бюджетидан 5,9 трлн сўм, 2027 йилда 5,5 трлн сўм, 2028 йилда 5 трлн сўм субсидия берилади. Яъни 2028 йилда ҳам субсидиялаш тўхтатилмайди. Бироқ нархлар кўтарилишда давом этади. Мамлакатда электр энергияси ва табиий газ нархлари ҳар йили 1 майдан бир маротаба йиллик инфляция даражасидан келиб чиққан ҳолда, 10 фоиздан юқори бўлмаган миқдорда ошириб бориш белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг дастлабки олти ойида ҳам йиллик газ субсидиясининг катта қисми (9,3 трлн сўм) тўлаб берилганди. Бунга асосий сабаб сифатида аҳоли, саноат, корхоналарга етказиб бериладиган газ узилишларини олдини олишдан иборатлиги айтилган.
Изоҳ (0)