Apple компанияси ChatGPT’га рақобатчи яратиш устида ишлайдиган жамоага муҳандисларни фаол жалб этишни бошлади. Бу қадам Siri ишлаб чиқувчилари жамоасини кенг кўламли қайта ташкил этишнинг бир қисми бўлиб, компаниянинг овозли ёрдамчиси ва бошқа сунъий интеллект хизматларининг имкониятларини такомиллаштириш мақсадида амалга оширилмоқда. Бу ҳақда МаcRumors нашри хабар берди.

Apple расмий веб-сайтида АҚШ ва Хитойда “Жавоблар, билимлар ва маълумотлар” (Answers, Knowledge, and Information) деб номланган жамоа учун ўнлаб бўш иш ўринлари эълон қилинди. Хусусан, компания “Siri’нинг шахсий саволларга жавоб бериш қобилиятини яхшилаш”га ёрдам берадиган машинали ўрганиш муҳандисини қидирмоқда. Бўш иш ўрни тавсифида жамоа фойдаланувчиларнинг шахсий ҳужжатлари билан ишлаш учун катта тил моделларини ишлаб чиқаётгани ва махфийликни устувор вазифа сифатида белгилагани таъкидланган.
Таниқли инсайдер ва Bloomberg журналисти Марк Гурманнинг айтишича, бу ҳаракатлар шунчаки Siri’ни янгилаш билан чекланиб қолмайди. Унинг сўзларига кўра, янги жамоа “ChatGPT услубидаги янги қидирув хизмати”ни ишлаб чиқишнинг дастлабки босқичида ва ҳатто у учун алоҳида илова яратиш имкониятини кўриб чиқмоқда.
“Лойиҳа ҳали бошланғич босқичда бўлса-да, жамоа “жавоблар двигатели” деб аталадиган тизимни яратмоқда - бу умумий саволларга жавоб топиш учун интернетни таҳлил қила оладиган тизимдир. Siri, Spotlight ва Safari’нинг келажакдаги версияларида қидирувни такомиллаштириш учун алоҳида илова, шунингдек, янги сервер инфратузилмасини яратиш имконияти ўрганилмоқда”, деб ёзади Гурман.
Аввалроқ Гурман Apple ўзининг катта тил моделига асосланган Siri’нинг кўпроқ “суҳбатлашувчан” версияси устида ишлаётгани ҳақида хабар берган эди. Бироқ унинг маълумотларига кўра, ушбу лойиҳани ишга тушириш камида iOS 27 га қадар кечиктирилган.
Бундан аввал Apple IT мутахассислари қанча маош олиши маълум қилинганди.
Изоҳ (0)