Андижонда фуқаро яшаш хонадонидан ноқонуний газ баллонлари топилди. Бу ҳақда “Ҳудудгазтаъминот” АЖ матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, Андижон вилояти Асака туманидан келиб тушган тезкор маълумот асосида “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали комплаенс назорат тузилмалари, туман Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва ФВБ ходимлари билан ҳамкорликда туманнинг “Хонақа” МФЙда яшовчи фуқаро И.С. хонадонида ўрганиш ўтказган.
Ўрганишлар давомида хонадонда 63 дона (34 дона суюлтирилган газ тўлдирилган, 29 дона бўш) маиший газ баллонини техника ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига зид равишда ноқонуний сақлаб келинаётгани аниқланди. Шунингдек, 1 дона тарози ва газни автомобилларга ўтказишга мослаштирилган 4 дона резина шланг борлиги маълум бўлди.

Ҳолат юзасидан далолатнома тузилиб, барча ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилди.
Эслатиб ўтамиз, суюлтирилган газ юқори босим остида сақланади. Баллонлар нотўғри жойда ёки носоз ҳолатда сақланса, кичик учқун ёки ҳарорат таъсирида портлаш содир бўлиши мумкин. Бу каби ҳолатда эса битта газ баллони портласа, қолганларига ҳам таъсир этиб, занжирли портлашга олиб келиши хавфи юқори.
Изоҳ (0)